Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн тўққизинчи ялпи мажлисида Сенат раиси Ниғматилла Йўлдошев маъруза қилди.

Сенат раиси овқатдан заҳарланиш мавзусидаги камчиликлар ҳақида фикр билдирди.

«Берилган имтиёзларга қарамасдан, озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, сақлаш, реализация қилишва умумий овқатланиш соҳасида фаолият юритувчи аксарият тадбиркорлик субъектлари томонидан санитария қоидалари, нормалари ва гигиена талабларига амал қилмаслик ҳолатлари кузатилмоқда.

Биргина мисол: 2017 йилда режа асосида озиқ-овқат ишлаб чиқариш корхоналари, озиқ-овқат савдоси объектлари ва умумий овқатланиш корхоналарида ўтказилган санитария назорати давомида 587 та тадбиркорлик субъектининг барчасида санитария қоидалари, нормалари вагигиена нормативлари қўпол бузилганлиги аниқланган. Бу жами тадбиркорлик субъектларининг бор — йўғи 1 фоизидир.

Энди тасаввур қилинг: субъектларнинг қолган 99 фоизида ҳам аҳвол шундай бўлса, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўлиқ таъминланганига ким кафолат беради? Давлат санитария-эпидемиология назорати республика маркази маълумотларига кўра, 2017−2018 йилларда 1190 нафар фуқаро, эътибор беринг, уларнинг 222 нафари болалар, овқатдан заҳарланган ва 9 нафари вафот этган.

Мамлакатдаги деҳқон бозорларининг санитария-эпидемиологик ҳолати ҳам талабга жавоб бермайди. Маълумотларга кўра, жами 300 га яқин деҳқон бозори ва уларнинг 150 дан ортиқ шохобчасининг аксарияти ичимлик суви билан тўлиқ таъминланмаган, савдо расталари етишмайди, тез бузилувчи озиқ-овқат маҳсулотларини сотиш учун махсус расталар ва шароитлар яратилмаган. Ветеринария-санитария лабораториялари ташкил этилмаган, чиқиндиларни йиғиш учун махсус жойлар ажратилмаган.

Шунингдек, деҳқон бозорларида санитария-гигиена талабларига жавоб бермайдиган, бозор ҳудудининг очиқ майдонларида ёки уй шароитида тайёрланган таомлар билан савдо қилиш амалиёти тобора авж олмоқда. 2018 йилда ўтказилган санитария назорати тадбирларида деҳқон бозорларидаги 46 855 нафар сотувчи тиббий кўрикдан ўтмаганлиги аниқланган.

Ана шундай бир шароитда озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, ташиш, сақлаш ва реализация қилиш ҳамда хизмат кўрсатиш пайтида санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига ўз вақтида риоя этилишини таъминлаш бўйича санитария-эпидемиология хизматининг назорат фаолияти чекланганича қолмоқда.

Яъни қонунчиликка мувофиқ, санитария-эпидемиология хизмати текширув ўтказиш учун ваколатли органга буюртма беради. Буюртма ваколатли орган томонидан уч иш кунидан кечиктирмасдан кўриб чиқилади ҳамда текширувни ўтказиш келишилганлиги ёки рад этилганлиги тўғрисида қарорқабул қилинади.

Бундай амалиёт санитария — эпидемиология хизмати зиммасига юклатилган вазифаларни тўлиқ рўёбга чиқариш, айниқса, инсон ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдириши мумкин бўлган ҳар қандай ҳолатларга нисбатан тезкор чоралар кўриш имкониятини деярли йўққа чиқармоқда.

Биргина мисол: 2018 йилнинг сентябрида Қарши шаҳридаги «Бахтли оила» тўйхонасида ўтказилган тўйда 70 нафар фуқаро овқатдан заҳарланган. Шунга қарамасдан, санитария-эпидемиология марказига ушбу объектдаги заҳарланиш ҳолатини текшириш ва профилактик чораларни амалга ошириш мақсадида қисқа муддатли санитария назоратини ўтказишга рухсат берилмаган. Шу боис, назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолияти текширувларини келишиш ва ўтказиш тартиби ҳақидаги 2018 йил 7 сентябрда рўйхатдан ўтказилган вақтинчалик низомга тегишли ўзгартишлар киритиш долзарб аҳамиятга эга.

Хусусан, давлат санитария назоратини барча объектларда, шу жумладан, тадбиркорлик субъектларига қарашли савдо ва хизмат кўрсатиш объектларида исталган вақтда, ҳеч қандай монеликсиз, молия-хўжалик фаолиятига аралашмаган ҳолда ўтказиш мумкинлигини белгилаш масаласини кўриб чиқишни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз.

Зеро, инсоннинг ҳаёти ва соғлиғи барча нарсадан, жумладан тадбиркорнинг молиявий манфаатларидан ҳам устундир", — деди Ниғматилла Йўлдошев.