Шерзод Рафатович Хаджизадаев Тошкент шаҳар ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимидан озод қилинди, дея хабар қилди «Газета.uz"нинг ҳукуматдаги ахборот манбаси.

Чоршанба куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастури ижросини сифатли ташкил этиш, аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш борасидаги ишлар таҳлилига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Ахборот манбаси маълумотларига кўра, йиғилишда ёш оилаларга имтиёзли кредитлар ажратиш ва кредитларни ўзлаштириш дастурларини амалга ошириш бўйича ишлар танқид остига олинди. Пойтахт маъмуриятида ушбу йўналишда масъул ҳисобланган Шерзод Хаджизадаев вазифасидан озод қилинди.

Шерзод Хаджизадаев (1973 й. .) 2018 йил 4 октябрь куни Тошкент ҳокимининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланган эди. Унга қадар Марказий банк раиси ўринбосари сифатида фаолият кўрсатган.

Давлат раҳбари матбуот хизматининг қайд этишича, «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастури ижроси жойларда мутлақо қониқарсиз ташкил этилган учун республика комиссияси раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари ҳамда Марказий банк ҳудудий бошқармалари раҳбарлари огоҳлантирилди.