Шимолий Жоржия университети (АҚШ) педагогик таълим профессори Карли Вомак-Винн Ўзбекистон Халқ таълими вазирилиги маслаҳатчиси бўлди.

ХТВ матбуот хизматининг хабар қилишича, мутахассис икки ой мобайнида давлат таълим стандартларини баҳолашга ва қайта кўришга ёрдам беради. Хусусан, таълим жараёнига STEAM дастурини (S — science, T — technology, E — engineering, A — art, M — mathematics) жорий этишда ўз тажрибасидан келиб чиққан ҳолда маслаҳат бериб боради.

Карли Вомак-Винн мутахассислар учун Фулбрайт дастури (Fulbright Specialist Program) доирасида ХТВ маслаҳатчиси сифатида жалб қилинди. Дастур тажриба алмашиш учун АҚШдан юқори малакали мутахассислар ёки олимларни жалб қилиш имконини беради. Профессор Ўзбекистондаги фаолиятини сентябрдан бошлайди.