Бугун «Тошкент ҳуқуқ баҳори» — «Tashkent Law Spring» халқаро юридик форуми бошланди. Унда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири Русланбек Давлетов сўзга чиқди.

«Форум номини бекорга «Tashkent Law Spring» деб танламадик. Ўзбекистон халқаро дунёга очиляпти. Қайсидир маънода ўзига хос баҳор бошланди деб ўйлайман.

Қонунлар ижросини, қонун устуворлигини таъминлашимиз зарур. Фуқаролар бўлаётган ўзгаришларни ўз ҳаётида ҳис қилиши керак. Инвестициясиз Ўзбекистон ривожлана олмайди. Бунинг учун қулай муҳит яратиш лозим. Бу ишни бажаришга юристлар масъулдирлар. Қабул қилинаётган қарорлар барқарор бўлиши муҳим аҳамиятга эга. Келаётган инвестор ўзини нима кутаётганини билиши керак. Ҳар бир давлат органи янги ғоя атрофида бирлашиши лозим", — деди Русланбек Давлетов.

Адлия вазири сўзи давомида иқтисодий йўналишларда бўлаётган ўзгаришлар, мулк ҳуқуқи ва меҳнат қонунчилиги масаласига ҳам тўхталиб ўтди.

«Молия ва банк соҳаларида, солиқ тизимида янги қонунлар ишлаб чиқилди. Шунингдек, ерни хусусийлаштириш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Ривожланишга олиб келадиган қадамлар ташланмоқда. Бу ишларни секинлик билан қилиб бўлмайди. Бугун керакли муҳит яратилса, эртага инвестор келади. Биз юристлар бу борадаги масъулиятни ҳис қилиб, ғояларни амалга ошириш бўйича бош қотиришимиз керак.

Яна бир масала мулк ҳуқуқи. Агар мулк ҳуқуқи таъминланмаса, катта муаммолар юзага келади. Мулк ҳуқуқини мустаҳкамлаш бўйича қилаётган ишларимиз энг асосий йўналишларимиздандир.

Биз учун муҳим бўлган яна бир масала бу меҳнат қонунчилигидир. Меҳнат қонунчилигини легаллаштирмасдан туриб кутилган натижаларга эришиб бўлмайди. Бизнинг Меҳнат кодексимиз собиқ иттифоқ даврида шаклланган концепция асосида бугунги кунгача етиб келди. Давлат муассасаларида маълум тартиблар сақланиб қолади. Аммо хусусий секторда «эгилувчанлик» муҳитини яратишимиз зарур. Натижада меҳнат бозори ривожланади", — деди у.