Жанубий Кореянинг SK Engineering & Construction компанияси Бухоро нефтни қайта ишлаш заводини модернизация қилади, дея хабар берди BussinessKorea. 21 апрель куни компания «Ўзбекнефтгаз» билан 600 млн долларлик шартномани имзолади.

1997 йилда асос солинган завод илк бор технологик жиҳатдан янгиланади. Ишлар тугаганидан сўнг НҚИЗ йилига 2,5 млн тонна нефть ва газ конденсатини қайта ишлаш ҳисобига 1,2 млн тонна «Евро-5» стандартига мос бензин, 200 минг тонна авиакеросин, 750 минг тонна дизел ёқилғиси ва 30 минг тонна мазут ишлаб чиқаради. Аввалроқ эса завод модернизациясига 553 млн доллар йўналтирилиши ҳақида хабар қилинган эди.

SK E&C ва «Ўзбекнефтгаз» завод модернизацияси бўйича музокараларни 2016 йилда бошлаган эди. Ўзбекистон экологик стандартларга мувофиқ келиш учун объектларини янгилаши лозим, дея қайд этди нашр. Жанубий Корея компанияси учун бу мамлакатдаги биринчи лойиҳадир.

Март ойида қурилиши 2017 йил апрелида бошланган Жиззах вилоятида нефтни қайта ишлаш мажмуаси қурилиши тўхтатилган эди. «Нефтгазинвест» компанияси директори Хусниддин Тўраевнинг қайд этишича, асосий эътибор ҳозирда фаолият кўрсатаётган Бухоро ва Фарғона заводларига қаратилади.