2020 йилда Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида объектни 553 млн доллар модернизация қилиш бўйича лойиҳа бошланади. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» телеканалининг президент Шавкат Мирзиёевнинг 29−30 март кунлари Бухоро вилоятига ташрифига бағишланган махсус дастурида маълум қилинди.

1997 йилда асос солинган завод илк бор технологик жиҳатдан янгиланади. Ишлар якунига етганидан сўнг НҚИЗ ҳар йили 2,5 млн тонна нефть ва газ конденсатини қайта ишлаб, 1,2 млн тонна «Евро-5» стандартидаги бензин, 200 минг тонна авиакеросин, 750 минг тонна дизель ёқилғиси ва 30 минг тонна мазут ишлаб чиқаради.

Завод йилига 2,5 млн тонна маҳсулотни қайта ишлаш қувватига эга бўлса ҳам, сентябрда ёзганимиздек, углеводород хом ашёси ҳажми камайиши ортидан Бухоро НҚИЗ бандлиги 62,2 фоизни ташкил этмоқда.

Қайд этиш жоизки, аввалроқ қурилиши 2017 йил апрелида бошланган Жиззах вилоятида нефтни қайта ишлаш мажмуаси қурилиши тўхтатилган эди. «Нефтгазинвест» компанияси директори Хусниддин Тўраевнинг қайд этишича, асосий эътибор ҳозирда фаолият кўрсатаётган Бухоро ва Фарғона заводларига қаратилади.

Бухоро НҚИЗни модернизация қилиш лойиҳаси 2019−2020 йилларга мўлжалланган икки йиллик дастурдан ўрин олган бўлиб, унинг доирасида тўққизта давлат аҳамиятига молик йирик лойиҳа амалга оширилади. Ўзлаштириладиган сармоялар ҳажми 1,3 млрд долларни ташкил этиши лозим.