2017 апрелда бошланган Жиззах нефтни қайта ишлаш мажмуаси қурилиши тўхтатилди, дея хабар қилди «Нефтгазинвест» компанияси директори ўринбосари Хусниддин Тўраев жума куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида.

Унинг сўзларига кўра, биринчи навбатда мавжуд Бухоро ва Фарғона НҚИЗларни модернизация қилишга қарор қилинган.

2013−2014 йилларда Американинг Honeywell UOP ва Axens компаниялари заводларни реконструкция қилиш бўйича техник-иқтисодий асосларни ишлаб чиққан эди.

Ҳозирда бир қатор компаниялар, жумладан Honeywell UOP, Axens ва бир қатор корейс компаниялари билан музокаралар олиб борилмоқда. Заводларни модернизация қилиш концепциялари уларнинг материаллари такомилга етказилганидан сўнг аниқланади, деди Хусниддин Тўраев.

Ушбу икки заводни модернизация қилиш ҳисобига «Евро-5» стандартларига жавоб берувчи нефть маҳсулотларини ишлаб чиқариш ўзлаштирилади. «Нефтгазинвест» раҳбари ўринбосари ҳозирда Фарғона НҚИЗга инвесторларни жалб қилиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Аввалроқ президент заводни давлат-хусусий шерикчилик асосида ишончли бошқарувга беришни топширган эди.

Жиззах НҚИЗ қурилиши тўхтатилиши муносабати билан Россиядан нефть етказиб бериш ҳажмини ошириш бўйича музокаралар ҳам тўхтатилди.

Жиззах НҚИЗни 2021 йилда фойдаланишга топшириш режалаштирилган эди. Зафаробод туманида қурилиши белгиланган лойиҳа 2,2 млрд долларга баҳоланган. Завод ҳар йили 5 миллион тонна нефтни қайта ишлаши ва юқори сифатли нефть маҳсулотларини ишлаб чиқариши кутилаётган эди.