Сурхондарё вилояти ИИБ Термиз шаҳар ички ишлар бўлими кўп қаватли уйдаги омборда содир бўлган портлашда вафот этган икки эркакнинг шахсини аниқлади.

Аввалроқ «Дўстлик» маҳалласи Алишер Навоий кўчасидаги 10-уйнинг чап томонидан газ-ҳаво аралашмаси чақнаши натижасида портлаш содир бўлгани ҳақида хабар берган эдик.

Вилоят ИИБдан «Газета.uz"га аниқлик киритишича, вафот этганлар Термизда истиқомат қилган Р. Абдураҳмонов (1958 й. т.) ва Ангор туманида яшаган Р. Имомалиев (1962 й. т.) бўлиб чиқди. Портлаш кўп қаватли уйнинг ертўласида — Fasad Diyor хусусий корхонасига тегишли пенопласт, ҳожатхона қоғози ва бошқа маҳсулотлар сақланган омборда содир бўлган. Корхона Б. Имомалиевга тегишли бўлган.

Шаҳар ички ишлар бўлимидан ойдинлик киритилишича, портлаш 8 апрель куни 11:30 да содир бўлгани қайд этилган. Ўзбекистон Бош прокуратурасидан «Газета.uz"га хабар берилишича, электр чироғи ёқилган вақтда ертўлада тўпланган ис гази ва электр энергиясининг ўзаро кимёвий реакцияси натижасида портлаш ҳолати келиб чиққан.

Вилоят прокуратурасининг ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими терговга қадар текширув ҳаракатларини олиб бормоқда.

Видео