Россиядаги «Лужники» спорт мажмуасида самбо бўйича жаҳон кубоги беллашувлари якунланди. 22−23 март кунлари бўлиб ўтган мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари ҳам иштирок этди. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар берди.

Турнирнинг иккинчи кун дастурида самбочиларимиз 5 та кумуш ва 2 та бронза медалларини жамғаришди. Зарнигор Ўрмонова (56 кг), Шерзод Расулов (62 кг, жанговор самбо), Неъмат Ёқубов (90 кг, жанговор самбо), Истам Қудратов (74 кг, жанговор самбо), Ҳакимжон Исмоилов (+100 кг, жанговор самбо) кумуш медаль қўлга киритган бўлсалар, Аббос Жалолов (74 кг) ва Икром Абдукаримов (52 кг, жанговор самбо) бронза медали эгаласига айланишди.

Эслатиб ўтамиз, биринчи кун беллашувларида Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари 2 та олтин, 1 та кумуш ва 3 та бронза медалларини қўлга киритишган эди. Шу тариқа Ўзбекистон делегацияси жорий мусобақада 2 та олтин, 6 та кумуш ва 5 та бронза медалларини жамғарди. Эътиборлиси, жанговор самбо йўналишида умумжамоа бўйича иккинчи ўринни қўлга киритилди.