2019 йил 18 март куни Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев раислигида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари ижроси ва уларга мутасадди раҳбарларнинг муносабати юзасидан йиғилиш ўтказилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Йиғилишда Тошкент шаҳар ва туман ҳокимликлари, маҳаллий давлат бошқарув органларига тушган ёзма ва оғзаки мурожаатларнинг кўриб чиқилиши, ҳал этилиши ҳамда ўз вақтида асосли жавоб беришига жиддий эътибор қаратилди.

Муҳокама жараёнида Яккасарой туманида 29 та, Олмазор туманида 16 та, Мирзо Улуғбек туманида 14 та, Шайхонтоҳур туманида 13 та ва Сергели туманида 11 та мурожаат белгиланган муддатда ижро этилмаганлиги танқид қилиниб, туман ҳокимликлари огоҳлантирилди.

Шу билан бир қаторда фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш ва қонун доирасида ҳал этиш юзасидан мутасадди раҳбарларга тегишли тавсия ва кўрсатмалар берилди.