Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 7 мартда мамлакатнинг халқаро рейтинглар ва индекслардаги ўрнини яхшилашга йўналтирилган навбатдаги ҳужжатни имзолади.

Мамлакат раҳбари фармони билан Устувор халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлашни мувофиқлаштириш бўйича комиссия ташкил этилди. Молия вазирлиги тузилмасидаги янги — халқаро рейтинглар ва индекслар билан ишлаш бошқармаси унинг ишчи органи этиб белгиланди.

Вазирлик тузилмасига халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича масъул бўлган Ўзбекистон молия вазири ўринбосари лавозими киритилди. Молия вазирлиги матбуот хизмати маълумотларига кўра, президент қарори билан мазкур лавозимга куздан буён вазир маслаҳатчиси ва Суверен давлат, корпоратив (банк) қарз мажбуриятлари ва давлат қарзи бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият кўрсатиб келаётган Одилбек Исоқов тайинланди.

Комиссия бир ойда камида бир марта йиғилиш ўтказиб, мутасадди вазирлик ва идоралар томонидан мақсадли кўрсаткичларга эришиш учун устувор йўналишларни белгилаб беради ва амалга оширилаётган ишларни мувофиқлаштириб боради.

Февраль охирида президент Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглар ва индекслардаги ўрнини ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисидаги қарорни имзолаган эди. Ҳужжат билан Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги ўрнини мониторинг қилиш ва баҳолаш миллий тизимини яратиш белгиланди. Мавжуд муаммоларни аниқлаш ва миллий индексларни ишлаб чиқиш билан шуғулланувчи турли тадқиқот институтларига алоҳида рейтинглар бириктирилди.