Россиянинг МТС алоқа оператори АҚШ Қимматли қоғозлар ва биржалар комиссияси ҳамда АҚШ Адлия вазирлиги билан Ўзбекистондаги коррупция иши бўйича тинчлик келишувига эришди.

«Келишув МТСнинг Ўзбекистондаги шўъба компаниясининг 2004 йилдан 2012 йил ўртасигача бўлган даврдаги фаолияти атрофида ўтказилаётган текширувларга нуқта қўяди», — дейилади оператор баёнотида.

Келишув доирасида МТС 850 млн доллар тўлайди. Жарима МТСнинг 2018 йил учинчи чораги якунлари бўйича захираланган маблағлардан тўланади, дейилади компания баёнотида.

АҚШ Қимматли қоғозлар ва биржалар бўйича комиссияси (SEC) хабарига кўра, МТС республиканинг собиқ президентига алоқадор бўлган ўзбекистонлик мансабдор шахсга пора бергани ва телекоммуникациялар соҳасидаги назоратчи органга таъсир кўрсатган. Мазкур схемани амалга ошириш жараёнида МТС бизнес очиш ва сақлаб қолиш учун энг камида 420 млн долларлик ноқонуний тўловларни амалга оширган, дейилади хабарда.

Ноқонуний тўловлар МТСга Ўзбекистон телекоммуникациялар бозорига чиқиш ва саккиз йил давомида фаолият олиб боришига имкон берган. Бу вақт ичида мобил оператори 2,4 млрд доллар ишлаб топган.

2012 йилда Ўзбекистон ҳукумати МТС активларини экспроприация қилди. SEC фармойишида қайд этилишича, поралар ўзбек амалдорлари назорат қилувчи сохта компанияларга йўналтирилган ва МТС бухгалтерлик ҳисоботларида турли тўловлар, хайрия эҳсонлари каби харажатлар ортига яширилган.

«Компания қарийб тўққиз йил давомида сирли равишда порахўр амалдорларга юз миллионлаб долларни тақдим этган ҳолда кишини ғазаблантирадиган ҳаракатларни содир этган. Порахўрлик асосида қурилган бизнес ишбилармонлар ва америкалик сармоядорларнинг коррупциялашган амалдорларга нисбатан ихлосини сўндиради», — деди SEC`нинг хориждаги коррупция тўғрисидаги қонунларга амал қилинишини таъминлаш бўйича бўлинмаси раҳбари Чарльз Э. Кейн.