2019 йилдан бошлаб чақирилиш муддатини кечиктириш ҳуқуқига эга бўлмаган Ўзбекистон фуқаролари март-апрель ойларида муддатли ҳарбий хизматга чақирилади (аввал — февраль-мартда эди). Бу президент Шавкат Мирзиёевнинг 22 февралдаги қарорида кўзда тутилган.

2018 йилда муддатли ҳарбий хизматга чақирилган, ҳарбий хизматнинг белгиланган муддатларини ўтаб бўлган Ўзбекистон Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчилари март-апрель ойларида резервга бўшатилади.

Аввал хабар қилганимиздек, Шавкат Мирзиёев январь ойи сўнгида чақирув муддатларини кўчириш таклифи билан чиққан эди. Мудофаа вазирлиги аввалроқ қишки вақтлардаги чақирув фуқароларнинг узоқ туманлардан йиғиш пунктларига келишларидаги қийинчиликлар, чақирув пунктларини иситиш каби бир қатор муаммоларни келтириб чиқараётганини маълум қилган эди.