«Тошкент-Бишкек-Тошкент» халқаро автобус қатнови қайта тикланди, дея хабар қилди Ўзбекистон Автомобиль транспорти агентлиги (Транспорт вазирлиги этиб қайта ташкил этилган) матбуот хизмати.

Уч томонлама келишув асосида тузилган жадвал 4 февраль куни Қозоғистон Инфратузилмалар ва ривожланиш вазирлиги транспорт қўмитаси томонидан имзоланди.

Автобуслар Бишкек автовокзалидан 9:00, 16:50 ва 23:30 да жўнайди. Тошкент автовокзалидан жўнаш соатлари ўзгаришсиз қолди, дея аниқлик киритилди агентликдан «Газета.uz"га.

Эслатиб ўтамиз, январда Қозоғистон Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг ваколатли органлари билан келишмаган ҳолда «Тошкент-Бишкек-Тошкент» халқаро машрути бўйича автобуслар транзит қатновини тўхтатган эди. Қозоғистон томони мазкур ҳолатни ҳаракатлар жадвалига ўзгартишлар киритилиши билан изоҳлади.