Қозоғистон Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг тегишли органлари билан келишмаган ҳолда «Тошкент-Бишкек-Тошкент» халқаро автобус йўналиши бўйича автобусларнинг транзит қатновини вақтинча тўхтатди. Бу ҳақда 24.kg агентлиги Қирғизистон Транспорт ва йўллар вазирлигига таяниб хабар қилди.

Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлиги мазкур ҳолат юзасидан баёнот берди. Хабарда қайд этилишича, янги очилган халқаро автобус йўналиши ҳаракат жадвалига қиш мавсумида Қирғизистон томонидан ўзгартириш киритилгани, бунинг натижасида ушбу қатнов «Дархан- Бишкек» ҳаракат жадвалига мос келиб қолганини. Бу эса, ўз навбатида, йўловчилар оқимига таъсир этиб, Қирғизистон ва Қозоғистон ташувчилари ўртасида баҳсга сабаб бўлган.

Қозоғистон томони мазкур масалага ойдинлик киритиш ва икки томон ташувчилари манфаатларини ҳисобга олган ҳолда Тошкент- Бишкек йўналишининг ҳаракат жадвалига ўзгартириш киритилгунга қадар автобуслар ҳаракатланишини вақтинчалик тўхтатган. Ҳозирда Қирғизистон томони Бишкекдан автобусларнинг чиқиш вақтига ўзгартириш киритиш борасида иш олиб бормоқда.

«Келажакда бу каби муаммоларнинг юзага келмаслги мақсадида Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистонинг ваколатли давлат органлари томонидан музокаралар олиб борилмоқда», — дейилади хабарда.