Fitch халқаро рейтинг агентлиги Ўзбекистон хорижий валютада чиқаришни мўлжаллаётган облигацияларга BB-(EXP) рейтингини берди. Бу ҳақда агентлик баёнотида сўз боради.

Якуний рейтинг тақдим этилган ҳужжатларнинг аввал олинган маълумотлар билан мос келишига кўра маълум қилинади.

Облигациялар рейтинги Ўзбекистоннинг узоқ муддатли хорижий валютадаги дефолт эмитенти рейтингига мувофиқ келади. 2018 йил декабрида Fitch бу рейтингга «Барқарор» кўрсаткичли BB- даражасини берган эди.

Аввалроқ «Газета.uz» Ўзбекистон февралда 500 млн долларлик биринчи еврооблигацияларини чиқаришини маълум қилган эди. 7−14 февраль кунлари Нью-Йорк, Бостон ва Лондонда роуд-шоулар ўтказилиб, уларда Ўзбекистон делегацияси йирик инвесторлар билан музокаралар олиб боради.

Глобал координатор ва қўшма букраннер (инвесторлардан облигацияларни сотиб олиш ҳақидаги аризаларни қабул қилиш ва рўйхатга олиш билан шуғулланувчи ташкилот) сифатида JP Morgan Chase молиявий холдинги танланган бўлиб, Citibank ва «Газпромбанк» эса етакчи менежер ва букраннерлари билан ушбу жараёнда иштирок этади.