7−14 февраль кунлари Нью-Йорк, Бостон ва Лондонда илк давлат халқаро облигацияларини чиқариш ва муваффақиятли жойлаштиришни таъминлаш мақсадида роуд-шоулар (инвесторлар билан учрашувлар) ўтказилади, дея хабар қилди Молия вазирлиги матбуот хизмати.

Учрашувлардан сўнг, жаҳон молия бозорларидаги шароитлардан келиб чиққан ҳолда, мамлакатнинг илк давлат халқаро облигацияларини 5 ва/ёки 10 йил муддат билан чиқарилиши режалаштирилмоқда. «Газета.uz» мухбирига облигациялар февралнинг ўзида чиқарилиши маълум қилинди.

«Роуд-шоу» давомида Ўзбекистон делегацияси йирик инвесторлар билан музокаралар олиб бориши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, глобал координатор ва қўшма букраннер (инвесторлардан облигацияларни сотиб олиш ҳақидаги аризаларни қабул қилиш ва рўйхатга олиш билан шуғулланувчи ташкилот) сифатида JP Morgan Chase молиявий холдинги танланган бўлиб, Citibank ва «Газпромбанк» эса етакчи менежер ва букраннерлари билан ушбу жараёнда иштирок этади.

Декабрь сўнгида молия вазирининг биринчи ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаров «Газета.uz"га Ўзбекистон 500 млн доллар миқдоридаги еврооблигацияларини жойлаштиришини маълум қилди.

Еврооблигация — эмитент хорижий валютадаги узоқ муддатли қимматли қоғоз. Евробондлар узоқ муддатга — 1 йилдан 40 йилгача муддатда пул маблағларини олишдан манфаатдор бўлган халқаро ташкилотлар, ҳукуматлар, йирик корпорациялар томонидан чиқарилади. Муайян муддатдан кейин қайта сотиб олиниши керак. Номида «евро» сўзи қўшилган бўлса ҳам (бундай қимматли қоғозлар илк бор Европада пайдо бўлган), бугунги кунда улар турли бозорларда турли валюталарда чиқарилади.