«Ўзатом» агентлиги бош директори ўринбосари Баҳром Мансуров 4 февраль куни Тошкентда бўлиб ўтган Атом энергетикаси бўйича халқаро агентлик (МАГАТЭ) семинарида атом электр станцияси қурилиши учун майдончани танлаш бўйича қидирув ишлари қандай кечаётгани ҳақида маълумотлар тақдим этди.

«Бугунги кунда майдончаларни танлаш жараёнида энг асосий босқич ҳисобланган муҳандислик қидирув ишлари икки ҳудудда — Жиззах вилоятидаги Айдар-Арнасой кўллар тизимидаги Тузкн кўли ҳамда Бухоро ва Навоий вилоятлари чегарасидаги Тўдакўл сув омбори ҳудудида олиб борилмоқда», — деди у.

Ўзбекистоннинг шимоли-шарқий қисмидаги Тузкон кўлида учта майдончада ишлар олиб борилмоқда. Уларнинг иккитаси қирғоқ зонасидан 4−5 км, учинчиси — қирғоқ зонасидан 15 км масофада жойлашган.

Баҳром Мансуров Тузкон кўли табиий равишда ҳосил бўлгани ва атрофи шўрхок ерлар билан ўралгани, сувнинг минераллашуви бир литрда тахминан 7−8 грамни ташкил этишини атиб ўтди.

Тўдакўл сув омборида тўртта майдончада қидирув ишлари олиб борилаётган бўлиб, уларнинг барчаси соҳил зонасига туташ. Бу ердаги қидирув ишлари 98 фоизга якунига етган бўлиб, ҳозирда маълумотларни қайта ишлаш ва ҳисобот учун тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда.

«Биз ушбу ҳудудда бир қатор муаммоларга дуч келдик, — деди бош директор ўринбосари. — №1 ва №2 майдончалар — сейсмик фаол бўлиб, тупроғида гипс миқдори юқори. Шунинг учун бош пудратчи асосий ишларни №3 ва №4 майдончаларда олиб борди».

Баҳром Мансуровнинг қайд этишича, энг мақбул майдончани танлаш учун нафақат муҳандислик қидирув ишлари, балки тегишли вазирлик ва идоралар билан ташқи инфратузилма ва коммуникация объектларини қуриш бўйича ишлар ҳам бошланган.

«Баҳолаш жараёнида бехато ва хавфсиз техник қарор қабул қила олишимиз учун майдончага эмас, умуман ҳудудга алоқадор техник-иқтисодий ҳисоб-китоблар кўриб чиқилмоқда», — деди бош директор ўринбосари.

Майдончани танлашдан аввал ядровий хавфсизлик нуқтаи назаридан барча маълумотлар тўпланиб, таҳлил қилинади ва баҳоланади. Бунда табиий ва техник келиб чиқиш манбалари, майдончаларнинг ўзига хос хусусиятлари, атроф-муҳит, аҳоли зичлиги ва тарқалганлиги ҳамда бошқа ташқи зоналар хусусиятлари авария ҳолатларига жавоб бериш имкониятлари нуқтаи назаридан ташқи ҳодисалар таъсири ҳисобга олиниши лозим.