Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси эр-хотин сайёҳларнинг (Германия ва Италия фуқаролари) якшанба куни электрон виза муддатлари бир ва икки кун ўтиб кетгани сабабли Тошкентдан учиб кета олмагани муносабати билан афсусланиш билдирди. Мазкур муаммо тўғрисида «Газета.uz» ёзган эди.

«Ўзбекистон президентининг сўнгги фармонига кўра яқин келажакда (1 февралдан — таҳр.) Германия, Италия ва бошқа кўплаб мамлакатлар фуқаролари республикамизга ташриф буюришлари учун кириш визаси талаб қилинмаслиги маълум бўлган вақтда ушбу ҳодиса содир бўлганидан чуқур афсусдамиз», — дейилади Давлат туризм қўмитаси матбуот хизмати хабарида.

Қўмита президент Шавкат Мирзиёевнинг ўтган йил февралида туризмни ривожлантириш масалалари бўйича йиғилишда айтган сўзларини эсга олди: «Турист ички ишлар органлари бўйлаб эмас, мамлакат бўйлаб саёҳат қилиши лозим. Сайёҳга талаб қўйиш эмас, унинг учун шароитлар яратиш керак».

«Афсуски, жорий норматив-ҳуқуқий база такомиллаштиришни талаб қилади ва жуда кўплаб масалаларда бугунги кун воқелигига мос келмайди. Шунинг учун қабул қилинган «Туризмни ривожлантириш концепцияси"да келгуси етти йилда биринчи навбатда ўтган йили тўпланган тажрибалар, шунингдек бошқа мамлакатлар эришган ютуқларни ҳисобга олган ҳолда қонунчилик базасини такомиллаштириш ҳамда халқаро меъёр ва стандартларни жорий этиш вазифаси белгиланган», — дейилади қўмита хабарида.

«Кўплаб мамлакатларда кириш визаси саёҳат қилинаётган мамлакатга кириш ҳуқуқини тақдим этади ва визанинг амал қилиш муддати тугашни бошлаши у олинган санадан эмас, балки чегарани кесиб ўтгандан бошланади. Юқорида таъкидлаб ўтилган меҳмонлар ҳам кўп саёҳат қилишган, улар автомат равишда бизнинг республикамизда ҳам худди шу тартиб амалда дея тахмин қилишган. Шу билан бирга, виза режимини бузишда кам миқдордаги жарималарни аэропортларнинг ўзидаёқ ундириб олиш ёки шахсий маълумотларни ҳеч қандай жарималарсиз тегишли базага киритиш амалиёти кенг тарқалган», — дея маълум қилди Давлат туризм қўмитаси.

Қўмита маъмурий ишлар бўйича Юнусобод туман судига энг кам иш ҳақининг 100 баробари (20,3 млн сўм ёки 2400 доллар) миқдоридаги жарима ўрнига ҳуқуқбузарлик тўғрисида тилхат олиш чораси қўллангани учун миннатдорчилик билдирди. «Бу ҳам президентимиз бошчилигида суд-ҳуқуқ соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар натижа бераётгани, судьялар ҳар бир ишни синчиклаб ўрганаётгани ва адолатлироқ қарор қабул қилишга интилаётганини тасдиқлайди», дея қайд этди қўмита.

Давлат туризм қўмитаси дам олиш куни бўлишига қарамасдан мазкур вазият юзасидан қонунчилик доирасида тезкор ёрдам берган ТИВ, ИИВ ва Чегара Қўшинлари вакилларига ҳам алоҳида миннатдорчилик билдирди.

Қўмита маълумотларига кўра, бугунги кунда қонунчиликка бу каби ҳуқуқбузарликларни декриминализация қилиш, жарималар миқдорини камайтириш ва уларни бевосита чегараларда ундириш бўйича ўзгартишлар киритиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилган бўлиб, тегишли органларга кўриб чиқиш тақдим этилган. Бундан ташқари, электрон виза бериш тизимини янада такомиллаштириш бўйича доимий иш олиб борилади.

Эр-хотин сайёҳларга ортга қайтиш авиачипталари тақдим этиш ҳамда Ўзбекистонда бўлиб турган қўшимча кунлардаги харажатларни қоплаш кўринишида моддий ва маънавий зарар ўрнини тўлдириш таклиф қилинган. Бироқ меҳмонлар бунга ҳожат йўқлигини маълум қилишган, дея хабар берди қўмита.

Шунингдек, қўмита муаммога эътибор қаратгани учун «Газета.uz"га ҳам миннатдорчилик билдирди.