Президент Шавкат Мирзиёев сешанба куни Давлат хавфсизлик хизматининг кенгайтирилган йиғилишини ўтказди, дея хабар қилди «Ўзбекистон 24» телеканали «Ахборот 24» дастури.

Йиғилишга қадар давлат раҳбари ДХХ фаолияти ва унинг моддий-техник имкониятлари билан танишди. У ДХХ махсус бўлинмалари ҳарбий хизматчилари билан суҳбатлашиб, ДХХ махсус операциялари жараёнида фойдаланиш учун мўлжалланган замонавий техника ва қурол-яроғлар намуналарини кўздан кечирди.

Йиғилишда ДХХ тизимидаги ислоҳотлар ва истиқболдаги вазифалар, ДХХнинг бошқа давлат органлари ва маҳкамалари билан ички ва ташқи таҳдидларга қарши курашдаги алоқаларини кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Президент соҳага замонавий технологияларни кенг жорий этиш зарурлигини таъкидлади.

Шавкат Мирзиёев жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган диний-экстремистик ташкилотларнинг собиқ аъзолари ва тарафдорларини оддий ҳаётга қайтаришга қаратилган тадбирлар самарадорлигини ошириш зарурлигига эътибор қаратди. Уларнинг ижтимоий-маиший муаммоларини ҳал этиш, ишга жойлаштириш ва жамият ҳаётига жалб қилиш бўйича топшириқлар берди.

Мамлакат раҳбари коррупцияга қарши қатъий курашиш ва ушбу иллатдан огоҳлантириш бўйича топшириқлар берди.

Президент Ўзбекистон халқининг ижтимоий хавфсизлиги масаласига ҳам алоҳида тўхталиб, озиқ-овқат, энергетик, тиббий ва бошқа соҳаларда хавфсизликни таъминлаш бўйича чораларни белгилаб берди.