Аввал Ўзбекистоннинг Латвиядаги элчиси лавозимида ишлаган Бадриддин Нурутдинович Абидов Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш масалалари бўйича ташқи савдо вазири ўринбосари этиб тайинланди, дея хабар қилди Ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.

У Тошкент автомобиль-йўллар институти ва Тошкент давлат жаҳон тиллари педагогика институтини тамомлаган. Шунингдек, Лондон университети дипломатик ва тил курслари (1993), Саррей университети (1995), Малайзия дипломатия ва ташқи алоқалар институти (1994) битирувчиси ҳам.

Ўз фаолиятини 1992 йилда Тошкент автомобиль ва йўллар институтида стажёр-изланувчи сифатида бошлаган. 1993 йилдан 2013 йилгача Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва Ўзбекистоннинг чет элдаги дипломатик миссиялари таркибида турли лавозимларда ишлаган. Хусусан, 2003 йилдан 2013 йилгача Ўзбекистоннинг Женевадаги БМТ бўлинмаси ва бошқа халқаро ташкилотлардаги Доимий ваколатхонасида 1-котиб, ваколатхона раҳбари вазифасини бажариб келган.

2014 йилда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий марказининг Инсон ҳуқуқлари бўйича халкаро ҳамкорлик бўлими мудири этиб тайинланди. Кейинчалик «Ўзпахтасаноатекспорт» холдинг компанияси Ташқи иқтисодий алоқалар ва инвестицияларни жалб қилиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари, бошқарма бошлиғи, 2016−2018 йилларда эса Ташқи ишлар вазирлиги Европа мамлакатлари ва НАТО билан ҳамкорлик бошқармаси биринчи котиби, Европа Иттифоқи ва НАТО тузилмалари билан ҳамкорлик бўлими бошлиғи вазифасини бажарувчи вазифаларида фаолият олиб борган.

Президентнинг 27 ноябрдаги ТСВ фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисидаги фармонига мувофиқ, Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши масалалари бўйича вазир ўринбосари лавозими жорий этилган эди. Вазирнинг янги жорий этилаётган ўринбосарига Ўзбекистоннинг ЖСТга бўлиши бўйича музокара гуруҳи раҳбари ташқи савдода божхона ва тарифларни тартибга солиш, импортни оптималлаштириш, транспорт коридорларини ривожлантириш ва экспорт йўналишларини диверсификация қилиш вазифалари юклатилган.