Ўзбекистон Украинада ишлаб чиқарилган маҳсулотларни босқичма-босқич божхона расмийлаштирувидан ўтказишни бошлади, дея хабар қилди Украина Миллий шакар ишлаб чиқарувчилари ассоциацияси («Укрцукор») мамлакат Иқтисодий ривожланиш ва савдо вазирлигига таяниб.

Уюшма маълумотларига кўра, ноябрь ўрталарида Украинадан Ўзбекистонга етказилувчи шакар ва бошқа юклар тушириб олинмаётгани ва божхона расмийлаштирувидан ўтказилмаётгани маълум қилинган эди. Уюшма Украина Иқтисодий ривожланиш ва савдо вазирлиги ҳамда Аграр сиёсат ва озиқ-овқат вазирлигига вазиятни ҳал қилиш илтимоси билан мурожаат қилди.

«Укрцукор» бошқаруви раиси ўринбосари Руслан Бутилонинг хабар қилишича, ноябрда экспорт қилинган шакарнинг 47 фоизини Ўзбекистон импорт қилган. Айни вақтда шакар компаниялари ва заводлари божхона расмийлаштируви жараёни бошланганини тасдиқлаган.

3 декабрь куни Украинанинг Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган енгил автомобиллар импортига нисбатан субсидияга қарши текширувларни тўхтатгани маълум бўлди. Ўзбекистон президентининг 2008 йил 21 августдаги «Чет эл инвестициялари иштирокида корхонани ташкил этиш тўғрисида"ги фармонига мувофиқ, ўзбек ишлаб чиқарувчиларига 2017 йил охиригача имтиёзлар берилган, 2018 йилдан ушбу қарор ўз кучини йўқотгани бунга асос қилиб олинди. Худди шу куни Украинанинг йирик фармацевтика компаниясининг Тошкентдаги вакили 3 ноябрь куни ҳеч қандай изоҳларсиз тўхтатилган украин дори воситаларини божхона расмийлаштирувидан ўтказиш жараёни қайта тикланганини маълум қилди.

Бир неча кун ўтганидан сўнг Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Украина бош вазирининг биринчи ўринбосари — Украина Иқтисодий ривожланиш ва савдо вазири Степан Кубив билан телефон орқали мулоқот қилди. Ўзбек ҳукумати раҳбари Украина ва Ўзбекистон бозорларига ўзаро маҳсулот етказиб беришда чеклов ва муаммолар йўқлигига ишонч билдирди.