Ички ишлар вазирлигининг матбуот хизмати охирги тўрт кунда ис газидан заҳарланиш билан боғлиқ бир қатор ҳолтларни маълум қилди.

2018 йилнинг 1 декабрь куни Андижон вилоятининг Бўз туманида яшаган Г. С. (исмли аёл) уйи ётоқхонасида ўрнатилган иситиш печидан сизиб чиққан ис газидан ўзи ҳамда меҳмонда бўлган қўшниси О.С. (исмли аёл)лар заҳарланиб касалхонага келтирилган. Кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамай Г. С. шу ерда вафот этган.

Жорий йилнинг 3 декабрь куни Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманида яшовчи С.У. (исмли аёл) уйини иситиш мақсадида ўтин ёқиб, чўғларини ётоқхонасига олиб кириши оқибатида ўзи ва 3 нафар фарзандлари ис газидан заҳарланган. Уларга касалхонада тиббий ёрдам кўрсатилган.

3 декабрь куни Сирдарё вилоятининг Оқолтин туманида яшовчи Н.Ю. (исмли аёл) уйида иситиш печини ёқиб ухлаб қолиши оқибатида, иситиш печидан сизиб чиққан табиий газ исидан ўзи ва 3 нафар фарзандлари заҳарланган. Уларга касалхонада тиббий ёрдам кўрсатилган. Ҳар иккала ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Жорий йилнинг 3 декабрь куни Сирдарё вилоятининг Ховос туманида яшовчи уй бекаси Ф.А. (исмли аёл) уйида иситиш печидан сизиб чиққан табиий газ исидан заҳарланиб, касалхонага ётқизилган.

Жиззах шаҳрида 3 декабрь куни Қалия маҳалласида яшовчи Б.К. уйида табиий газнинг чала ёниши оқибатида, газ исидан заҳарланиб, касалхонага ётқизилган.

Шунингдек, шу куни Жиззах вилоятининг Фориш туманида яшовчи О.Н.ни уйида иситиш печидаги табиий газни чала ёниши оқибатида ўзи ва турмуш ўртоғи Д.Д. ҳамда ўғли газ исидан заҳарланиб, касалхонага ётқизилганлар. Барча ҳолатлар юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.