«Ўзбектелеком» компанияси Ўзбекистонда Facebook ижтимоий тармоғи ва YouTube видеохостингига киришдаги тўсиқларни бартараф этиш борасида иш олиб бормоқда, дея хабар қилди «Ўзбектелеком» сотиш ва хизмат кўрсатиш бошқармаси бошлиғи Алишер Зуфаров.

«Натижага эришиш биланоқ, биз бу ҳақда барчага хабар берамиз. Ҳеч ким [бу масалани] ҳал этишимизга шубҳа қилмайди. У бироз вақт талаб этади», — деди у жума куни бўлиб ўтган «Ўзбекистон Республикасида АКТ соҳасидаги вазифаларни изчил амалга ошириш тўғрисида"ги конференцияда. Мазкур анжуманда миллий телекоммуникация оператори Интернетга чиқиш тезлиги ортиб, тарифларнинг пасайиши ҳақида эълон қилинди.

«Компания мазкур масаланинг ҳал этилишидан фойдаланувчилардан кам манфаатдор эмас, чунки бу масала интернет-трафик ишлаб чиқаришга ва компаниянинг даромадларига ҳам таъсир қилади», — дея тан олди Алишер Зуфаров.

У уланишдаги муаммоларни Ном ва рақамларни ўзлаштириш бўйича Интернет-корпорацияси (ICANN) хабар қилган интернет домен номлари тизимлари (DNS) учун ҳимоя вазифасини бажарувчи криптографик калитлар тарихда биринчи марта алмаштирилгани билан боғлади.

«Айрим ҳолларда технологиялар ўз қоидаларига бўйсундирар экан. Биз сизнинг тушунишингизга умид қиламиз», — деди «Ўзбектелеком» вакили.

Қайд этиш жоизки, ICANN 15 октябрь куни 11 октябрда 2010 йилда жорий этилган калитлар алмашинуви муваффақиятли амалга оширилгани тўғрисида хабар қилган эди.

«Аҳолининг контент хизматларига бўлган эҳтиёжини қондириш учун „Ўзбектелеком“ ушбу хизматлар провайдерларига (Facebook ва YouTube — таҳр.) ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги расмий мурожаат билан юзланган ҳамда улар билан яқин алоқаларни йўлга қўйишни режалаштирмоқда», — деди Алишер Зуфаров.

АТ ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг биринчи ўринбосари Олимжон Умаров шундай қўшимча қилди: «Биз миллий оператор, бошқа маҳкамалар билан яқин вақтларда мазкур масалани ҳал этиш устида иш олиб бормоқдамиз».

«Ўзим ҳам, тўғрисини айтганда, бу масаланинг ҳал бўлишини кутаяпман, чунки VPN`дан фойдаланиш баъзида ноқулай», — дея ҳазиллашди у.