2018 йилнинг 1−18 ноябрь кунлари Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ташаббуси билан Тошкент шаҳрида илк маротаба «Тошкент шаҳар спартакиадаси» спорт мусобақалари жорий этилмоқда. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Бу тадбир ёшларда спортга бўлган ҳавас ва интилишни, жамиятда соғлом турмуш тарзи тамойилларини янада кучайтириш, ёш иқтидорли спортчиларни танлаб олиш, уларда профессионал маҳорат ва кўникмаларни ривожлантириш, спорт турлари бўйича мамлакат терма жамоаларига захира тайёрлаш мақсадида ўтказилмоқда.

Мазкур спартакиадада 18 ёшгача бўлган Тошкент шаҳрининг туман босқичларидан сараланган жами 2211 нафар ёш спортчилар иштирок этади.

Спортнинг 18 туридан ўтказиладиган спартакиадада Тошкент шаҳридаги 12 та спорт мажмуасида бўлиб ўтади. Унда жами 2211 нафар спортчи-ёшлар иштирок этишади. Шундан 1056 нафарини спортчи-қизлар ташкил этади. Улар жами 664 та медаллар жамланмаси учун кураш олиб боради. Шундан, 201 та олтин, 201 та кумуш, 262 та бронза медалларидир.

Мусобақаларнинг тантанали очилиш маросими 2018 йил 3 ноябрь куни Чилонзор туманидаги «Универсал» спорт саройида бўлиб ўтади.