28 октябрь куни 21:30 да А-380 «Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнеу» автомагистралининг Қорақалпоғистон Республикаси Шуманай тумани ҳудудидан ўтган 817-километрида Cobalt автомобили ағдарилиб кетди, дея хабар қилди Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати.

Йўл-транспорт ҳодисаси, хабарда қайд этилишича, ҳайдовчининг транспорт воситаси бошқарувини йўқотгани натижасида содир бўлган.

ЙТҲ натижасида уч фуқаро ҳалок бўлди, бир киши тан жароҳатлари олди. Жабрланган шахс Шуманай туман марказий шифохонасига етказилди.

Ҳодиса юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, худди шу куни Шуманай туманида Nexia автомобили йўловчи поезди билан тўқнашиб кетган эди. Енгил машина ҳайдовчиси йўл ҳаракати қоидаларига зид равишда поезд йўлини кесиб ўтишга уриниши бунга сабаб бўлди.

Ҳодисадан икки ҳафта муқаддам, 14 октябрда эса Nexia автомобилининг трактор тиркамаси орқасига бориб урилиши оқибатида олти киши, жумладан икки нафар мактаб ўқувчиси ҳаётдан кўз юмган эди.