Тошкентда AKFA халқаро университети ташкил қилинади. Бу ҳақда Норматив ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида эълон қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тошкент шаҳрида Акфа халқаро университетини ташкил этиш тўғрисида"ги қонун лойиҳасида маълум қилинган, дейилади xs.uz хабарида.

Университетни ташкил этиш ташаббусини Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда «Akfa Medline» МЧЖ билдирди.

Университет иқтисодиётнинг реал сектори тармоқларининг аниқ эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда фундаментал, аниқ, тиббиёт ва гуманитар фанлар бўйича юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш билан шуғулланади.

Қонун лойиҳасига кўра, университет олий таълим муассасаси — Ўзбекистон Республикасининг юридик шахс мақомига эга резиденти бўлади. Жумладан, университет МЧЖ шаклида ташкил этилади.

Таъкидланишича, ўқув-методик бошқарув ва таълим жараёнини олиб бориш университет томонидан етакчи хорижий олий таълим муассасалари билан тузилган келишувлар асосида таъминланади.

Таълим бериш Ўзбекистон давлат талаблари ва таълим стандартлари ҳисобга олинган ҳолда, хорижий таълим муассасаларининг ўқув режалари ва дастурларига мувофиқ инглиз тилида амалга оширилади.

Битирувчиларга университет томонидан белгиланган намунадаги олий таълим ҳақидаги диплом берилади.

Университетда таълим кундузги таълим шаклида тўлов-контракт асосида амалга оширилади.

Университет фаолияти таъсисчилар ҳамда тўлов-контракт асосида ўқишга кирувчи талабалар маблағлари ҳисобига молиялаштирилади.

Тошкент шаҳри ҳокимиятига университет балансига Шайхонтоҳур тиббиёт коллежи биносини бериш топширилади.

2022 йил 1 январгача университет барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий тўловларни тўлашдан озод этилади.