8 октябрь куни тахминан 13:00 да Тошкентнинг Яшнобод туманидаги Korzinka.uz супермаркети қаршисидаги автотураргоҳда Lacetti автомобили иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Пойтахт ИИББнинг «Газета.uz"га хабар беришича, автомобиль ҳайдовчиси йўловчи қизни уриб юборган.ЙТҲ содир бўлган жой.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органидаги ахборот манбаси маълумотига кўра, қиз кома ҳолатига тушиб қолган.

«Газета.uz"нинг Республика шошилинч тиббий ёрдам марказидан аниқлик киритишича, 22 ёшли Машҳура Х. 13:25 да кўплаб тан жароҳатлари ҳамда бош мия шикастланиши билан олиб борилган ҳамда жонлантириш залига ётқизилган. «Уни шок палатасига (жонлантириш зали — таҳр. тахмини) етказишди. Ҳозир уни операция қилишади», — дея маълум қилди марказ вакили 18:15 да.

Автомобилни бошқарган 22 ёшли Отабек А. ушланди. Айни пайтда ҳодиса жойида тергов-қидирув гуруҳи иш олиб бормоқда, дея хабар қилди ИИББ.