Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича «Эл-юрт умиди» жамғармаси ташкил этилди.

Жамғарма Ташқи ишлар вазирлиги қошидаги Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш марказини қайта ташкил этиш йўли билан ташкил этилади. У Хорижда стипендиатларнинг малака ошириши, стажировкаси ва ўқишини ташкил этиш бўйича «Истеъдод» жамғармасининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари, шу жумладан, халқаро шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади. Бу ҳақда Norma.uz хабар берди.

Қуйидагилар Жамғарманинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгиланди:

  • хориждаги нуфузли илмий-тадқиқот, таълим ва тиббиёт муассасаларида, иқтисодиётнинг бошқа истиқболли тармоқларида, айниқса, энг янги материаллар ва инновацион технологияларни ишлаб чиқариш ва қўллаш соҳаларида ишлаётган, қимматли илмий ва амалий тажрибага эга ватандошларимиз билан алоқалар ўрнатиш;
  • давлат органларининг кадрлар бўйича хизматлари томонидан фойдаланилиши ва онлайн тарзда излаш амалга оширилиши мумкин бўлган жаҳон мамлакатлари ва мутахассисликлар бўйича каталоглаштирилган қимматли илмий ва амалий тажрибага эга ватандошларнинг электрон реестри (маълумотлар базаси)ни яратиш ва юритиш;
  • хорижий олимлар, ўқитувчилар, муҳандислар ва бошқа мутахассислар, шу жумладан, ватандошларни таълим, соғлиқни сақлаш, иқтисодиёт ва давлат бошқаруви соҳаларига, айниқса, янги, истиқболли тармоқларга жалб этиш, улар учун қулай шароитлар яратиш, долзарб муаммоларини ҳал этиш, уларнинг салоҳиятидан самарали фойдаланишни таъминлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва тадбирларни амалга ошириш;
  • таълим, соғлиқни сақлаш ва иқтисодиёт соҳаларида ишлаётган ватандошлар орасида Ўзбекистоннинг ижобий қиёфасини шакллантириш, мамлакатимизда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳани ривожлантириш масалалари бўйича уларнинг ғоя ва фикрларини тўплаш, умумлаштириш ва тегишли ташкилотларга етказиш, шунингдек, тўпланган материалларни тайёрлаш ва тарқатишнинг самарали тизимини яратиш;
  • хорижда Ўзбекистоннинг ижобий имиджини шакллантириш ва қўллаб-қувватлашда, шунингдек, ривожланган мамлакатларнинг нуфузли таълим ва илмий марказлари билан алоқаларни йўлга қўйиш ва ҳамкорликни ривожлантиришда ватандошлар салоҳиятидан фаол фойдаланиш;
  • ривожланган мамлакатларнинг етакчи таълим ва илмий муассасаларида магистратура ва докторантура дастурлари бўйича танлов ўтказиш ва тайёргарликни, шунингдек, таълим, соғлиқни сақлаш, иқтисодиёт ва давлат бошқаруви соҳаларида истиқболли мутахассислар, шу жумладан, педагоглар ва илмий кадрлар учун малака оширишни ва стажировкадан ўтишни ташкил этиш;
  • нуфузли хорижий таълим ва илмий муассасаларда истиқболли мутахассисларни ўқитишни мониторинг қилиш, уларнинг Ўзбекистонда муносиб ишга жойлашишига кўмаклашиш, ушбу мутахассисларнинг меҳнат фаолиятини мониторинг қилиш, уларнинг касбий жиҳатдан ўсишига ва мансаб пиллапояларида кўтарилишига кўмаклашиш;
  • ҳам мамлакатимиз, ҳам хорижий экспертларнинг, шу жумладан, ватандошларимизнинг Ўзбекистондаги ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ислоҳотларнинг боришига оид таҳлилий материаллари чоп этиладиган журналлар, илмий тўпламларни тайёрлаш ва кенг тарқатиш;
  • давлат органлари ва бошқа ташкилотларда ишлар ҳолатини мониторинг қилиш ҳамда кадрларни хорижда тайёрлаш ва хорижий мутахассисларни жалб этиш тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
  • таълим, соғлиқни сақлаш, иқтисодиёт, давлат бошқаруви соҳаларида халқаро ташкилотлар, хорижий мамлакатларнинг давлат тузилмалари ва нодавлат ташкилотлари билан алоқаларни йўлга қўйиш, уларни ҳамкорлик ва ривожланиш бўйича лойиҳаларни амалга оширишга жалб этиш.

Жамғарманинг молиявий кўмагида хорижда магистратура ёки докторантура дастурлари асосида таълим олган, малака оширган, стажировка ўтаган стипендиатлар улар билан тузилган шартномада белгиланган муддат давомида ишлаб беришлари шарт. Ишлаб бериш олий таълим муассасаси ёки илмий муассасада, шунингдек, вазирликлар, идоралар ва бошқа давлат ташкилотларида амалга оширилади.

Жамғарманинг молиялаштириш манбалари белгиланди. Хусусан, Давлат бюджетидан 2019 йилда стипендиатларни хорижий таълим ва илмий муассасаларида ўқитишни, уларнинг малакасини оширишни ва стажировка ўташини ташкил этиш, хорижий мутахассисларни, шу жумладан, ватандошларимизни республикада меҳнат фаолиятини амалга оширишга жалб этиш бўйича 45 млрд сўм ажратилади.Кейинчалик бу суммага тегишли йилдаги истеъмол нархларининг прогноз индексига тенг коэффициент қўлланади.