Ўзбекистон Бош прокуратураси Сурхондарё вилояти Бойсун тумани ҳокими ўринбосари пора олаётганда ушланганини маълум қилди.

Фуқаролар Ж.С ва Х.П.ларнинг аризаси юзасидан Бойсун тумани Работ массивида ўтказилган тезкор тадбирда, туман кадастр бўлими мутахассиси С.А., фуқаро Ж.С.дан, унинг қариндоши Х.П.нинг номига қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва боғдорчиликка мўлжалланган 0,30 га лалми ер участкаси ажратиб бериш эвазига 30 млн сўм пулларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Тадбир давомида С.А. ер ажратиш бўйича ҳужжатларни туман ҳокимига имзолатиши учун ҳокимнинг қишлоқ ва сув хўжалиги бўйича ўринбосари М.Ш.га 100 АҚШ доллари бериши кераклигини, қилмишидан пушаймонлигини билдириб, жиноятини фош этишда фаол иштирок этишини маълум қилади.

Шунга асосан тезкор тадбир давом эттирилиб, Бойсун туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги бўйича ўринбосари М.Ш., туман кадастр бўлими мутахассиси С.А.дан 100 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.