Ўзбекистон ва Тожикистон чегарачилари ўртасида махсус ҳарбий тактик ҳарбий ўқув машғулоти ўтказилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси хабар қилди.

Мазкур ўқув машғулоти ҳар икки давлат тарихида илк бор ўтказилди. Унда ҳарбий хизматчилар қуролланган шартли душманнинг ҳужумини биргаликда бартараф этишди.

Махсус тактик ўқув машғулотига эрталабки 7:00 да старт берилди. Машғулот сценарийсига кўра, жангарилар гуруҳи чегарани бузиб ўтиб, Амударё орқали Ўзбекистон томон ҳаракатланди. Яна бир гуруҳ «террорчилар» эса дарёни кечиб ўтиб, Тожикистон ҳудудига кириб борди. Шартли душман аниқланганидан сўнг ҳар икки давлат чегарачилари тезликда ўзаро алоқа ўрнатишди. Чегарачилар яширин тарзда қуролланган гуруҳни кузатиб бориб, қарама-қарши томондан жангга киришди.

Ўқув машғулотларига дронлар, зирҳли техникалар, жанговар катерлар, шунингдек, ҳаво кучлари ҳам жалб этилди. Ҳарбий хизматчиларнинг ҳаракатлари Ўзбекистон ва Тожикистон чегара қўшинлари қўмондонлари томонидан кузатиб борилди. Жангарилар «йўқ қилиниб», ўқув машғулоти муваффаққиятли якунланди. Машғулотлар сўнгида жанговар тайёргарлиги юқори бўлган ҳарбий хизматчилар қимматбаҳо совғалар ва кўкрак нишонлари билан тақдирланди.