2018 йил 9 июль куни Жиззах вилояти, Янгиобод тумани, Зиёкор кўчасида яшовчи фуқаро Н.Турсунбоев Бош прокуратуранинг «Ишонч телефони"га мурожаат қилиб, фарзанди С.Қурбонбоевни туман ИИБ бошлиғи И.Сулаймонов «Нима сабабдан комбайнни тузатмадинг» деб ургани ва тан жароҳати етказганлиги сабабли И.Сулаймоновга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати «Газета.uz"га хабар берди.

Мурожаат юзасидан Янгиобод туман прокуратураси томонидан ўтказилган терговга қадар текшириш давомида фуқаро С.Қурбонбоев 2018 йил 7 июль куни соат 14.30 ларда Янгиобод тумани ИИБ бошлиғи И.Сулаймонов туман ҳокими И.Матиев билан бирга «Мустақилликнинг 22 йиллиги» сув истеъмолчилари уюшмаси ҳудудидаги «Пасткичақир булоғи» фермер хўжалиги даласига келган вақтда комбайнлар ғалла ўрмасдан турганлиги боис, туман ИИБ бошлиғи уни бурун қисмига мушт билан уриб, оёғи билан орқасига тепганлигини билдирган.

Зомин тумани суд тиббий экспертиза бюросининг хулосасида фуқаро С.Қурбонбоевга бурун суягининг ёпиқ синиши, бурун соҳаси лат ейиши, қонталаши каби соғлиғининг бузилишига олиб келган енгил тан жароҳати етказилганлиги кўрсатилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Янгиобод туман прокурори томонидан 18.07.2018 йилда туман ИИБ бошлиғи И.Сулаймоновга нисбатан ЖКнинг 206-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари вилоят прокуратураси ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими томонидан олиб борилмоқда. Тергов ҳаракатларининг бориши Бош прокуратура томонидан назоратга олинди.