Тошкентнинг доимий аҳолиси сони 2018 йилнинг биринчи ярим йиллиги якунлари бўйича 2 миллион 485,9 минг кишини ташкил этиб, 21 минг кишига ёки 0,9%га ўсган. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси хабар қилди.

Январь-июнь ойларида 21 минг бола туғилганлиги қайд этилган бўлиб, мос равишда туғилиш коэффициенти 1000 аҳолига нисбатан 17,1 промиллени ташкил этди ва 2017 йилга нисбатан 0,6 га (2017 йилнинг мос даврида — 16,5 промилле бўлган) ўсди. Биринчи ярим йилликда 8 мингта ўлим қайд этилган бўлиб, шундан 300 нафари 1 ёшгача вафот этган болалар сонига тўғри келмоқда. Ўлим коэффициенти 6,5 промиллени ташкил этиб, 2017 йилнинг мос даврига нисбатан 0,3 га камайди (2017 йилнинг мос даврида — 6,8 промилле бўлган). Пойтахт аҳолисининг табиий ўсиши 13,0 минг кишини ташкил этиб, 2017 йилнинг мос даврига нисбатан 1,3 минг кишига ўсиши (2017 йилнинг мос даврида 11,7 минг киши бўлган) кузатилди.

ФҲДЁ органларида январь-июнь ойларида 7,7 мингта никоҳ ва 2 мингта никоҳдан ажралишлар қайд этилди. 1000 аҳолига нисбатан никоҳ тузиш коэффициенти 6,2 промиллени ташкил қилиб, 2017 йилнинг мос даврига нисбатан 0,5 га ўсди (2017 йилнинг мос даврида — 5,7 промилле бўлган). Никоҳдан ажралиш коэффициенти 1000 аҳолига нисбатан 1,7 промиллени ташкил этиб, 2017 йилнинг мос даврига нисбатан 0,2 промиллега (2017 йилнинг мос даврида 1,5 промилле бўлган) ўсган.