Бокс бўйича Ўзбекистон ёшлар термаси 19−28 апрель кунлари Бангкокда (Таиланд) бўлиб ўтган Осиё чемпионатида саккиз медални қўлга киритди. Мусобақада 35 давлатдан спортчилар қатнашди, дея хабар берди Ўзбекистон Бокс федерацияси.Боксчилар Тошкент халқаро аэропортида тантанали равишда кутиб олинди.

Абдумалик Халоқов 56 кг гача вазн тоифасида олтин медални қўлга киритиб, ёшлар ўртасида бокс бўйича Осиё чемпиони бўлди. У III ўсмирлар Олимпия ўйинлари йўлланмасини ҳам қўлга киритди.

Самандар Холмуродов (52 кг гача), Тимур Мержанов (81 кг гача), Жавоҳир Тоғаймуродов (91 кг гача) ва Жжамшидбек Маҳмадалиев (+91 кг) кумуш медалга сазовор бўлди.

Маҳлиё Раҳимова (60 кг гача), Жаҳонгир Раҳмонов (69 кг гача) ва Наво Тамазов (75 кг гача) учинчи ўринни эгаллаб, бронза медаллари билан тақдирланди.

Умумжамоа ҳисобида Ўзбекистон боксчилари тўртинчи ўринни (1−4−3) эгаллади. Кучи учлик Қозоғистон (10−4−4), Таиланд (4−3−4) ва Ҳиндистонга (3−4−4) насиб этди.

Қайд этиш жоизки, мазкур мусобақада Ўзбекистондан 15, Қозоғистондан — 20, Таиланддан — 12, Ҳиндистондан — нафар боксчи иштирок этди.