21 март куни тахминан 13:50 да Тошкент вилоятининг Юқоричирчиқ туманида «Чирчиқ-Янгибозор-Ўртасарой» автомобиль йўлининг 25-километрида содир бўлган йирик йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида 3 киши ҳаётдан кўз юмди ва етти киши жароҳат олди.

Ўзбекистон ИИВ матбуот хизматининг хабар қилишича, 1994 йилда туғилган Н.Сарсенбаев бошқарувчидаги Lacetti енгил автомобили қарама-қарши йўналишда 1986 йилда туғилган С.Аҳмедов бошқарувидаги Damas минивэни билан тўқнашган.

Damas ҳайдовчиси олган тан жароҳатлари оқибатида ҳодиса жойида вафот этган. Lacetti ҳайдовчиси ва Damas йўловчиси Ж. Тулегенова (1972 йилда туғилган) шифохонага олиб боришда ҳаётдан кўз юмган.

Lacetti автомобилининг бир нафар ва Damas минивэнининг олти нафар йўловчиси жароҳат олиб, шифохонага ётқизилган.