Каттақўрғон тумани ҳокимияти ва Самарқанд вилояти Халқ таълими бошқармаси 23 ёшли ўқитувчи Диана Енекееванинг ўлими муносабати билан расмий изоҳ берди.

«Ўрганишлар натижасига кўра, мактаб ўқитувчилари, жумладан Диана Еникеева ҳам ҳеч қандай йўл четини тозалаш, супуриш учун чиқарилмаган», — дейилади Каттақўрғон туман ҳокимининг ўринбосари М.Музаффаров ҳамда Самарқанд вилояти Халқ таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Қ.Саидов номидан жўнатилган муносабатда.

Изоҳда «баҳор фаслидаги ободонлаштириш ва кўкаламлаштириш ишларининг амалга оширилиши барча жойда бажариладиган юмуш» экани айтилиб, шаҳар-туманлар маркази, маҳаллалар, гузарлардаги хиёбонлар, кўчалар атрофи ва ариқлар четлари тозаланиши, дарахт ва гул кўчатлари экилиши бор гаплиги таъкидланади.

«Мамлакатда март-апрель ойлари ободонлаштириш ойлиги, деб эълон қилингани ҳам „Тозалик бор жойда, барака бор“ нақлининг амалий ифодасидир. Лекин бу эзгу ҳаракатни „Президент келиши олдидан кўча тозалашга мажбурлаш“, деб тушуниш нотўғри», — дейилади изоҳда.

«Қолаверса, бундай ишлар жойлардаги ободонлаштириш бошқармасининг ходимларининг вазифасига киради. Таълим муассасаларида эса ўқитувчилар эмас, балки хўжалик ишлари бўйича масъул ходимлар, боғбонлар шуғулланади», — дейди туман ҳокими ўринбосари ва вилояти ХТБ бошлиғи ўринбосари.

«Шу нуқтаи назардан, Каттақўрғонда содир бўлган бахтсиз ҳодиса, ёш педагог Диана Еникееванинг ўлимидан чуқур қайғуда эканимизни билдирган ҳолда, бу ҳодисани бошқа ҳолатларга боғлаб талқин қилиш, оммага холис туриб етказмаслик интернет тармоғидан фойдаланувчилар ўртасида салбий фикр уйғотишга сабаб бўлади, деб ҳисоблаймиз», — дея изоҳга якун ясалади.

Расмий вакилларнинг маълум қилишича, мазкур ҳолат якуни бўйича маълумот жўнатилади. Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан Каттақўрғон ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одам ўлишига сабаб бўлса) билан жиноят иши қўзғатилган.