Ўзбекистон президенти матбуот котиби Комил Алламжонов Самарқанд вилоятида йўлни тозалашга олиб чиқилган ўқитувчининг ўлими сабаблари ўрганилаётганини маълум қилди. Бу ҳақда у ўзининг Facebook-саҳифасида ёзди.

Ушбу ҳафтада ижтимоий тармоқларда Каттақўрғон туманидаги 23 ёшли мактаб ўқитувчиси Диана Енекееванинг ўлими тўғрисидаги хабарлар тарқалди. Уни ҳамкасблари билан магистрал йўлни тозалаётган вақтда уни юк машинаси босиб кетган. Унинг ортидан икки ёшли ўғли ва турмуш ўртоғи қолди.

Диана Енекееванинг Каттақўрғон тумани 42-мактабдаги ҳамкасбининг Xabar.uz нашрига маълум қилишича, ўқитувчилар давлат раҳбарининг ташрифи арафасида «Самарқанд-Бухоро» трассаси четларини тозалаш учун катта йўлга олиб чиқилган. Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятига шанба куни келди.

«Қора «Ласетти"да келган ХТБ вакили бизга алоҳида ҳудудни чегаралаб берди. Мен унга «Бу — катта трасса, юк машиналари катта тезликда юради, одамларга яқин ерда тезликни пасайтириш лозимлигини кўрсатувчи ёки таъмирлаш ишлари кетаётганини билдирувчи белгилар қўйилмайдими, ГАИ (ДЙҲХХ) ходимлари бизга яқин ерда туришмайдими?» дедим. Аммо у «Ана, машиналарида ГАИлар ўтирибди, сизларга қарайди» дея машинасига ўтириб, жўнаб кетди. Машинадаги ГАИ ходимлари бизга яқин ҳам келишмади, бирор белги ҳам қўйилмади, бирортамизга ақалли бирорта байроқча ҳам беришмади, кейин шу фожиа содир бўлди. Биз йўл четидаги дарахтларни оқлаётган, кимдир йўлларни супураётган, Дианалар тўсиқни оҳаклаётган эди. Катта тезликда келган «КамАЗ» Дианани уриб кетди…», — дейди у.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан бири Facebook`даги постлардан бири остида Комил Алламжоновга савол қолдирди. «Ҳокимлар Президент келишидан сал олдин асосан ўқитувчиларни катта ва кичик йўл ёқаларига чиқариб тозалаш ишларига „мажбурлайдилар“. Шу тўғрими? Ёки бу кичкина масала ҳисобланадими? Бир неча кун олдин Самарқанд катта кўчасини тозалаётган вақтда 23 ёшли ўқитувчи машина уриб кетиши натижасида вафот этган. Умуман шу каби „ҳокимларга хос“ анъана қачон тугатилади?» — деб сўради у.

Изоҳга жавоб берар экан, Комил Алламжонов ўқитувчининг ўлимига олиб келган сабаблар ўрганилишини маълум қилди. «Бўлиб ўтган ҳодиса албатта жуда ачинарли. Фожиага олиб келган сабаблар ҳозирда ўрганилмоқда. Натижасига кўра тегишли чоралар белгиланади. Ўз номимдан марҳуманинг оила ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этаман», — деди президент матбуот котиби.