Деновлик ошпазлар (Сурхондарё вилояти) дунёдаги энг катта паловни тайёрлаш бўйича рекордни янгилашни мўлжалламоқда. Маҳаллий ошпазлар қарийб 9 тонналик «мегапалов"ни тайёрлашга тайёргарлик кўрмоқда, дея хабар қилди Денов ҳокимияти «Газета.uz"га.

8 сентябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган O‘zbegim фестивалида Гиннеснинг рекордлар китоби вакиллари энг катта палов рекордини қайд этган эди. Паловнинг соф вазни 7360 килограмни ташкил этган эди.

Янги рекордни Ватан ҳимоячилари куни (14 январь) муносабати билан ўрнатиш мўлжалланган бўлиб, таом 2000 ўринга мўлжалланган марказий стадионда тайёрланади.

«Деновлик ошпазлар қарийб 9 тонналик паловни тайёрлаб, рекордни янгилаш ташаббуси билан чиқишди. Туман ва вилоят ҳокимияти мазкур ташаббусни қўллаб-қувватлади», — дея қайд этилди ҳокимиятдан.

Паловни тайёрлаш учун 46 нафар ошпаз жалб этилиб, 2000 кг мол гўшти, 250 кг қўй думбаси, 2200 кг гуруч, 3000 кг сабзи, 250 кг пиёз, 210 литр ўсимлик, 250 л зиғир ва 100 л кунгабоқар ёғи, шунингдек 70 кг туз, 240 кг нўхат, 100 кг майиз, 5 кг зира ва 5 кг қора мурч солинади. Маҳсулотларнинг жами вазни қарийб 9 тоннани ташкил этади.

Таом аввалги рекорд ўрнатилган қозонда тайёрланади. Олмалиқ кон-металлургия комбинатида тайёрланган қозон диаметри 4,2 м, умумий вазни 8,8 тоннани ташкил этади.