23 декабрь куни Жиззах шаҳрининг «Мустақиллик» майдонида Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил топганининг 26 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан «Миллий армиямиз — ёшларнинг мардлик, матонат ва жасорат мактабидир» шиори остида «Армия ва ёшлар» номли фестиваль ўтказилди.

Жиззах вилояти ҳокимлиги ва Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги томонидан ташкил этилган мамлакатимиз Қуролли Кучлари салоҳияти намойишида вилоят аҳолиси билан бирга 10 мингга яқин ёшлар ҳам иштирок этди.

Унда 800 нафарга яқин ҳарбий хизматчиларнинг ҳарбий оркестр садолари остида тантанали марш билан ўтиши, қўл жанги ва саф элементларини намойиш этиши кўрсатилди. 50 дан зиёд ҳарбий-техника ва қурол-аслаҳа намуналари ҳамда ҳарбий таъминотга оид кўргазмалар, шунингдек, Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти вилоят кенгашининг техник имкониятлари мамлакатимиз ёшларини бефарқ қолдирмади.

Фестивалда Жиззах вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи А. Салиев ва Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Айбек Саидов иштирок этишди.

Фото