Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл туманига Неъматулла Маткаримович Худайбергенов ҳоким этиб тайинланди. Якшанба куни Тўрткўлда бўлиб ўтган Халқ депутатлари туман Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида ташкилий масалалар кўриб чиқилди, дея хабар қилди туман ҳокимияти вакили «Газета.uz"га.

Неъматулла Худайбергенов 1952 йилда ТЎрткўлда туғилган. 1974 йилда Тошкент политехника институтини тамомлаган. Иқтисодиёт фанлари номзоди (1991 йил), «Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган иқтисодчи» унвонига эга, «Дўстлик» ордени билан тақдирланган.

Қорақалпоғистон Жоқорғи Кенеси депутати, ЎзЛиДеП партияси аъзоси. 1999−2004 йилларда Ўзбекистон Олий Мажлис депутати бўлган.

19 йил давомида (1998 йилдан 2017 йилгача) Қолақалпоғистоннинг Элликқалъа туманини бошқарган. Жорий йил майида Сирдарё вилояти Қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланган, августдан қайта ташкил этилган Сирдарё вилояти қишлоқ ва сув хўжалиги бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари бўлган.

Тўрткўл туманининг аввалги ҳокими Ғофуржон Хожиев мазкур лавозимда 2015 йил мартидан буён фаолият кўрсатиб келаётган эди.