6 декабрь куни Венада (Австрия) биринчи Ўзбекистон-Европа ипак форуми бўлиб ўтди. Тадбир «Ўзбекипаксавдо» ассоциацияси томонидан Ўзбекистоннинг Австриядаги элчихонаси билан ҳамкорликда ташкил этилди, дея хабар қилди ТИВ матбуот хизмати.

Форумда Италия, Испания, Германия, Австрия, Венгрия, Словакия, Россия, Туркия ва бошқа мамлакатлардан ипак маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар иштирок этди.

Форум доирасида Ўзбекистоннинг етакчи ипак маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари — «Бухара Бриллиант Силк» ва «Сурхон ипаги» компаниялари маҳсулотлари ярмаркаси ўтказилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон дизайнерлари ипакдан тайёрланган миллий ва замонавий либослар намойишларини ташкил этди.

Форум якунлари бўйича Ўзбекистон ипак маҳсулотларини Европа мамлакатларига экспорт қилиш масалаларини ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилди.

Бундан ташқари, «Ўзбекипаксавдо» ассоциацияси ФАО, ЮНИДО ва ОПЕК Тараққиёт жамғармаси билан биргаликда минтақанинг ипак саноати экспорт салоҳиятини ривожлантириш бўйича бош қароргоҳи Тошкентда бўлган махсус платформа — «Марказий Осиё-Европа ипак ассоцияцияси"ни ташкил этиш устида иш бошлайди.

Ўзбекистон Хитой ва Ҳиндистондан кейин дунёнинг учинчи энг йирик ипак ишлаб чиқарувчиси ҳисобланади.