Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 4 декабрдаги қарори билан туристик визалар бериш тартибига ўзгартиришлар киритилди. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизматининг хабар қилишича, қарор 2018−2019 йилларда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар дастури ижроси доирасида қабул қилинди.

Якка тартибдаги хорижий сайёҳлар учун эндиликда 30 кун муддатга бериладиган ягона туристик виза амал қилинади. Аввал якка тартибдаги хорижий туристлар учун 30 кун муддатга бериладиган кириш туристик визаларини жорий қилинди. Илгари, қисқа муддатли (7 ёки 15 кунга) туристик визаларини олган чет эл фуқаролари бирор бир сабабга кўра қайтиш рейсининг ушланиб қолиши оқибатида кўпчилик ҳолларда визани узайтириш муаммосига дуч келар эди.

Якка тартибдаги хорижий сайёҳлар учун кириш туристик визаларини расмийлаштириш нархи учдан бир қисмга —  60 АҚШ долларидан 40 долларга камайтирилди. Давлат туризм қўмитасининг қайд этишича, туристик визанинг юқори нархда бўлиши мамлакатга саёҳат қилиш учун қарор қабул қилишга тўсиқ бўлувчи омиллардан бири эди.

Бундан ташқари, туристик визани расмийлаштириш учун қуйи чегара икки баробарга (10 нафардан 5 нафарга) камайтирилди. Хорижий мамлакатлардаги ташриф буюришни хоҳловчи сайёҳларга 10 кишилик гуруҳни йиғиш маълум қийинчиликларга олиб келарди, чунки гуруҳ аксарият ҳолларда 5 ёки ундан ортиқ кишидан ташкил топган оила аъзолари ёки яқин танишлардан шакллантирилар эди. Гурухлар учун виза нархи 15 кунга бир кишига 15 АКШ долларини, 30 кунга — 25 АКШ долларини ташкил этади.