Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 17 ноябрь куни Тошкентнинг Сергели туманида қуриб битказилган янги уй-жойлар, ижтимоий соҳа объектлари билан танишди. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди.

13 гектар майдонда 66 кўп қаватли уй-жой қад ростлаган. 1, 2, 3 хонали бу уйлар аҳолига имтиёзли кредитлар асосида берилди. Массивда 240 ўринли мактабгача таълим муассасаси, 630 ўринли ўрта таълим мактаби, 61-оилавий поликлиника, ёпиқ сузиш ҳавзаси, шаҳар милиция бўлинмаси, почта ва китоб дўкони, дам олиш масканлари, болалар майдончалари, автомобиль турар жойлари, велотрасса барпо этилган.

Президент янги хонадонларда бўлди. Яратилган шароитлар билан танишди, уй соҳиблари билан суҳбатлашди. Уларни янги хонадон билан табриклаб, совғалар тақдим қилди. Бу ерга кўчиб келаётганларни иш билан таъминлаш масаласи ҳам долзарбдир. Келажакда қуриладиган корхона ва ишлаб чиқариш объектлари бу уйларга яқин жойда бўлиши муҳим, деди Шавкат Мирзиёев. Давлат раҳбари келажакда қуриладиган бу каби уйларни янада такомиллаштириш бўйича тавсия ва топшириқлар берди.

Мавзедаги кўп қаватли уйларнинг 100 дан ортиқ кириш йўлаги ва 22 гавжум жойга видеокузатув ускуналари ўрнатилган. Мазкур массивда хусусий уй-жойларга хизмат кўрсатувчи профессионал бошқарув компанияси иш бошлади

Президент Сергели ИИБ қошидаги 50-шаҳар ички ишлар бўлими ходимлари билан мулоқот қилди.

Шундан сўнг Шавкат Мирзиёев янги барпо этилган замонавий сузиш ҳавзасини бориб кўрди. Сузиш ҳавзасининг узунлиги 25 метр, эни 11 метр. Кунига 150−200 кишини қабул қилади. 3 миллиард сўмдан ортиқ маблағ эвазига барпо этилган иншоотда ёшларнинг сузиш техникасини ўрганиши ва маҳоратини ошириши учун барча шароит яратилган.

«Юртимиз иқлим шароитига, ёз ва қиш фаслига мослаб Тошкент шаҳрининг ҳар бир туманида 10 тадан замонавий сузиш ҳавзаси қуриш керак, уларни барпо этишда сифатли қурилиш материалларидан фойдаланиш лозим», - деди давлат раҳбари. У болаларни спортнинг ушбу тури билан шуғулланишга янада кенг жалб қилиш, сузиш техникасини ўргатадиган юқори малакали мутахассислар тайёрлаш бўйича топшириқлар берди.

Давлат раҳбари 61-оилавий поликлиника фаолияти билан танишди. Уч қаватли, 250 қатновга мўлжалланган тиббиёт масканида ультратовуш ташхиси, рақамли рентген, электрокардиография, физиотерапия, клиник ва биокимё лаборатория бўлимлари, кундузги шифохона фаолияти йўлга қўйилган. Терапевт, педиатр, жарроҳ, отоларинголог, окулист, невролог, иммунолог каби тор соҳа мутахассислари томонидан аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатиш учун барча шароит яратилган.

Оилавий поликлиникадаги асосий янгиликлардан бири — бу беморларни навбатга ёзиш бўйича электрон тизим жорий қилинганидир. Бемор шифокор қабулига поликлиникага келмасдан туриб, интернет ёки телефон орқали рўйхатхонада ўрнатилган тизим ёрдамида навбатга киритилади. Президент ушбу тизимни 61-оилавий поликлиника мисолида намунавий қилиб пойтахтдаги барча бирламчи тиббиёт муассасаларига жорий этиш юзасидан топшириқлар берди.

Президентнинг ташрифи доирасида Сергели туманида амалга оширилиши режалаштирилган ижтимоий-иқтисодий лойиҳалар тақдимоти бўлиб ўтди.