Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 16 ноябрь куни «Республика олий таълим муассасалари бакалавриатига кириш тест синовларини ўтказиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида"ги қарорни имзолади.

Ҳужжатга мувофиқ, 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасалари бакалавриатига қабул қилиш бўйича тест синовлари 1 августдан 15 августгача бўлган даврда ўтказилиши ва тест синовлари натижалари тест ўтказилган куннинг эртасига Давлат тест марказининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.

Шунингдек, ушбу ҳужжатда абитуриентдан алоҳида иқтидор талаб этиладиган маданият, санъат, дизайн, тасвирий ва амалий санъат, санъатшунослик, мусиқий таълим, спорт ва жисмоний тарбия соҳасидаги таълим йўналишларига қабул қилиш тест синовларисиз, ижодий имтиҳонлар орқали амалга оширилиши назарда тутилган.

Қарорнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, 2017/2018 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасалари бакалавриатига ўқишга қабул қилиш бўйича кириш тест синовлари Тошкент шаҳрида «Ўзэкспомарказ» Миллий кўргазмалар мажмуаси павильонларида ҳамда унинг ҳудудида қўшимча йиғма павильонлар ўрнатилиб, улардан самарали фойдаланган ҳолда, шунингдек, катта сиғимдаги бошқа биноларда, вилоят марказларида эса Олимпия захиралари коллежлари ёки жойлардаги бошқа муассасаларнинг катта сиғимдаги биноларида, тест жараёнининг ошкора ва шаффофлигини таъминлаган ҳолда, видеокузатувлар орқали онлайн тизимда жамоатчиликка, шу жумладан, абитуриентларнинг ота-оналарига кўрсатиб ўтказилиши белгилаб қўйилди.

Тест синовларини ҳавфсиз ўтказиш ҳамда тест синовлари жараёнида учрайдиган салбий ҳолатларнинг олдини олиш, тест синовлари жараёнини онлайн ёритиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан шахсни идентификациялаш воситалари, видеофиксация қурилмалари, металлодетекторлар, мониторлар ва йиғма павильонларни республикада амалга оширилаётган «Хавфсиз шаҳар» тизими доирасида харид қилиниши ва уни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги тизимига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бепул берилишини таъминлаш вазифаси белгиланди.

Шу билан бир қаторда, қарорда Давлат тест маркази, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ҳамда Адлия вазирликларига бир ой муддатда тест синовларини ўтказиш жараёни иштирокчиларининг масъулиятини янада ошириш ва уларнинг жавобгарлигини белгилаш бўйича қонунчиликка тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритиш вазифаси топширилди.

Қарорда белгиланган вазифаларни ўз вақтида сифатли бажаришни таъминлаш мақсадида Давлат тест марказининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳамда олий таълим муассасаларининг оширилган тўлов-контракт тушумлари (5 фоизгача миқдорда) ҳисобидан Давлат тест маркази ҳузурида «Давлат тест маркази фаолиятини ривожлантириш жамғармаси"ни ташкил этилиши ҳам белгилаб қўйилган. Мазкур жамғарма маблағлари Давлат тест марказининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, хорижий давлатларнинг ўқув ва илмий муассасаларида Давлат тест маркази ходимларининг малакасини ошириш, Давлат тест маркази ходимларини моддий рағбатлантириш каби ишларга сарфланади.

Сўнгги йилларда олий таълим муассасаларига кириш истагида бўлган абитуриентлар сони кескин ортиб бормоқда. Йилдан-йилга ўсиш ўртача 10 фоизни ташкил этиб, хусусан, 2016 йилда 663 минг, 2017 йилда 729 минг нафардан зиёд абитуриент олий таълим муассасаларига ҳужжат топширган. Таҳлилларга кўра, 2018 йилда олий таълим муассасаларига 810 мингдан ортиқ абитуриентнинг ҳужжат топшириши кутилмоқда.

Лекин бугунги кунда тест синовлари орқали олий таълим муассасалари бакалавриатига талабаларни қабул қилишда бир қатор камчиликлар мавжуд. Жумладан, кейинги йилларда тест синовларини ўтказиш тартиб-қоидалари, тест синовлари натижаларини эълон қилиш ва уни такомиллаштириш борасидаги олиб борилаётган ишлар бугунги кун талабларига тўлиқ жавоб бера олмаяпти. Бу ҳол манфаатдор жамоатчиликнинг, айниқса, ота-оналарнинг тест синовларини ўтказиш жараёнларига ҳақли равишдаги эътирозларини келтириб чиқармоқда ва ҳар йили уларнинг ушбу масала юзасидан қарийб 4 мингдан зиёд асосли мурожаатлари келиб тушмоқда.

«Кириш тест синовлари топшириқлари ва уни ўтказиш талаблари қобилиятли ёшларни олий таълимга қабул қилиш мезонларига тўла жавоб бермайди, — дея тан олинади қарорда. — Айниқса, ижодкорлик ва индивидуал маҳоратни талаб этадиган маданият, санъат, дизайн, тасвирий ва амалий санъат, санъатшунослик, мусиқий таълим, спорт ва жисмоний тарбия соҳасидаги таълим йўналишларига иқтидорли ёшлар ўрнига, ушбу соҳаларда етарли иқтидорга эга бўлмаган ёшлар тест синовлари орқали ўқишга қабул қилинмоқда».