Ўзбекистон Марказий банки валюталарнинг сўмга нисбатан янги курсини ўрнатди. 12 сентябрдан бир АҚШ доллари аввалги ҳафтада белгилангандан 7,87 сўмга арзонлаб, 8092,13 сўмни ташкил этди. Евро 73,17 сўмга қимматлашиб, 9718,65 сўмга, Россия рубли эса 1,30 сўмга кўтарилиб, 141,21 сўмга етди.

Девальвациядан сўнг миллий валюта бирваракайига 3889,65 сўмга (4210,35 сўмдан 8100 сўмга) кўтарилди. Марказий банк 5 сентябрдан ҳар ҳафта бухгалтерия ҳисоби, статистика ва бошқа ҳисоботларни юритиш, шунингдек, божхона ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқариш учун хорижий валюталарнинг сўмга нисбатан расмий курсини ўрнатишда давом этмоқда.

МБ сайтида эълон қилинган хабарда ойдинлик киритилишича, сўмнинг хорижий валютага нисбатан айирбошлаш курси тижорат банклари томонидан ўз мижозлари — хўжалик юритувчи субъектларнинг тегишли буюртмалари асосида хорижий валютани харид қилиш ва сотиш амалиётлари ўтказиладиган Ўзбекистон валюта биржасидаги ҳар кунлик банклараро савдо сессияларида шаклланади.

Айирбошлаш курсининг шаклланиши учун бозор шароитларини таъминлаш мақсадида банклараро савдоларда Марказий банкнинг иштироки минимал даражада бўлади. Алоҳида ҳолларда Марказий банк валюта курси кескин тебранишларининг олдини олиш мақсадида чет эл валютаси олди-сотди операцияларини ўтказиши мумкин. Ички валюта бозори ва унинг иштирокчилари айирбошлаш курсининг бозор шартларида шаклланишига тўлиқ мослашгунига қадар маълум вақт талаб қилинишини инобатга олган ҳолда, дастлабки босқичларда Марказий банкнинг иштироки фаол бўлади.