Ўзбекистон Марказий банки 5 сентябрдан АҚШ долларининг миллий валютага нисбатан курсини 8100 сўм этиб белгилади.

«2003−2017 йилларда курсни ҳосил қилувчи омиллар суръатлари таҳлили асосида, шунингдек банклар томонидан импортчи корхоналарга келишилган курс бўйича хорижий валютани сотиш бўйича синов битимлари натижаларини ҳисобга олган ҳолда йўналтирилган мувозанатли валюта курси айни вақтда 1 АҚШ доллари учун 8000−8150 сўмга тенг», — дейилади МБ хабарида.

Аввал бўлгани каби Марказий банк ҳар душанбада ўтган ҳафтада валюта биржаларида қайд этилган ўртача курслар асосида курсни белгилайди. Ушбу курс Ўзбекистон ҳудудида бухгалтерия ҳисоби, статистика ва бошқа ҳисоботларни юритиш, шунингдек, божхона ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқариш учун фойдаланилади.