Ўзбекистон Олий Мажлис Сенати пайшанба куни ўтказилган ялпи мажлисда Ёшлар куни ва Қишлоқ хўжалиги ходимлари кунини белгилаш ҳақидаги қонунларни тасдиқлади, деб хабар берди Сенат ахборот хизмати.

Ўзбекистон Республикаси Ёшлар куни 30 июнда нишонланади. Жорий йилнинг мазкур кунида «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракатининг IV қурултойида Ўзбекистон ёшлар иттифоқини тузиш тўғрисидаги қарор қабул қилинган эди.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни декабрнинг иккинчи якшанбасига белгиланди. Сенаторларнинг фикрича, қонуннинг қабул қилиниши — қишлоқ меҳнаткашлари жонбозлигининг, давлат мустақиллигини мустаҳкамлашга, мамлакат гуллаб-яшнашига улар қўшаётган ҳиссасининг эътироф этилишидир.