2017 йилнинг биринчи ярми давомида фуқаролик ишлари бўйича судлар 149 мингдан зиёд ишларни кўриб чиқди. Уларнинг умумий сонидан 89,4 фоизида суд қарорлари чиқарилди, чиқарилган суд қарорларининг 88,1 фоизида эса талаблар қондирилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Абидов «Газета.uz"га хабар берди.

Кўрсатилган муддатда жиноий ишлар бўйича судлар томонидан 40008 шахсга нисбатан 30 мингдан зиёд жиноий ишни кўриб чиқиб, 88 нафар шахсга нисбатан 66 та иш бўйича оқлов ҳукмини чиқарди.

Яраштирув институти қўлланилиши натижасида 6993 нафар шахс жиноий жавобгарликдан озод қилинди (2016 йилнинг худди шу даврида — 6934 нафар шахс).

Жиноий қонунчиликнинг либерализация қилиниши муносабати билан 290 млрд сўм миқдорида моддий зиён келтирган 3406 кишига нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо чоралари қўлланилди. Бу 2016 йилнинг биринчи ярмига нисбатан 15,6 фоиз (2872 киши) кўп демакдир.

Бундан ташқари, судлар томонидан 223793 кишига нисбатан 189 мингдан зиёд маъмурий иш кўриб чиқилди. 2016 йилнинг биринчи ярмида жиноий ишлар бўйича судлар томонидан 197607 кишига нисбатан 158 мингдан ортиқ маъмурий иш кўриб чиқилган эди.

Иқтисодий судлар томонидан 186 мингдан ортиқ иш кўриб чиқилган бўлса, уларнинг умумий сонидан 97,9 фоизида суд қарорлари чиқарилди. Чиқарилган суд қарорлари бўйича 93,6 фоиз талаблар қондирилди.

2017 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон Олий суди томонидан 13 минг шикоят кўриб чиқилиб, 370 суд қарори ўзгартирилди ёки бекор қилинди.

Ҳисобот даврида судлар томонидан 128 мингдан зиёд сайёр суд мажлислари ўтказилди.