Ўзбекистонда Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати ва Давлат божхона қўмитаси ҳарбий хизматчилари ва ходимларидан чиққан пенсионерларни уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш тизимига жалб этиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Президентнинг 6 июлдаги фармонида сўз кетади.

Ҳужжатда қайд этилишича, 1 августдан бошлаб Ўзбекистон Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Қорақалпоғистон УЖК вазирлиги марказий аппарати, вилоятлар УЖК бошқармалари, Тошкент УЖК бош бошқармаси, Кўп квартирали турар-жой фондларидан фойдаланиш соҳасида назорат бўйича инспекция ва «Коммунхизмат» агентлиги раҳбарлар таркибида мутахассис сифатида фаолият кўрсатувчи шундай пенсионерларга нафақа пули тўлиқ миқдорда берилади (агарда уларнинг ягона ишлаш жойи бўлса).

Қайд этиш жоизки, Ўзбекистонда меҳнат қилувчи пенсионерларга, айрим тоифаларни истисно қилганда, нафақасининг 50 фоизи тўланади.

Президентнинг 5 июлдаги фармони билан шу вақтга қадар мудофаа вазирининг шахсий таркиб бўйича ўринбосари бўлиб фаолият кўрсатиб келаётган Музаффар Салиев Ўзбекистон уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири этиб тайинланди.