Ўзбекистон Президент Шавкат Мирзиёев 6 май куни Тошкент марказидаги Ойбек кўчасида кўп қаватли уйлардаги энергия тежамкор маҳаллий қозонхоналар лойиҳалари билан танишди. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди.

Давлат раҳбарининг 20 апрелдаги қарори билан тасдиқланган 2018−2022 йилларда иссиқлик таъминоти тизимини ривожлантириш дастурига мувофиқ, жорий йилда пойтахтда 211, жумладан, кўп қаватли уйлар том қисмида 134, мавзелар ҳудудида 77 қозонхона қурилади. Ушбу мақсадлар учун сарфланадиган 170 миллиард сўм маблағ тижорат банклари кредитлари ҳисобидан молиялаштирилади.

Ойбек кўчасидаги 40- ва 42-уйларда ишга туширилган қозонхоналар гелио сув иситгичлари билан жиҳозланган. Қозонхонада соатига 416 киловатт иссиқлик энергияси ишлаб чиқарилади. Лойиҳа қиймати 460 миллион сўм бўлиб, харажатлар «Тошиссиққуввати» ишлаб чиқариш бирлашмаси унитар корхонаси ҳисобидан қопланган. Уй юқорисидаги техник қаватда қозонхона, томда қуёш коллекторлари ўрнатилган.

«Коммунал соҳани янада такомиллаштириш ва кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш учун қуёш энергияси асосида ишлайдиган иссиқлик энергияси тизимига ўтишни ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда, — деди Президент. — Тошкент шаҳрида келгуси уч йилга мўлжалланган алоҳида тизим ишлаб чиқилади. Бу тизим қуёш энергияси ёрдамида уй-жойлар ва ижтимоий объектларни иссиқ сув ва энергия билан узлуксиз таъминлаш, энергия ресурсларини тежаш ва аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилади».

Шавкат Мирзиёев гелиоқурилмалар ишлаб чиқарувчи маҳаллий корхоналар маҳсулотлари билан ҳам танишди.